Бугун 20-июль, Миллий театрнинг устоз санъаткори, ўзбек театр ва кино санъатининг атоқли ижодкори, ўзбек халқининг севимли, ардоқли актёри, Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комиловнинг таваллуд куни. Ижодий таржимаий ҳоли залворли ва салмоқли бўлган, узоқ ижод йўлини босиб келаётган устоз санъаткоримизга аввало соғлик-омонлик, мўл-кўл ризқ-насиба, табаррук ёшларнинг табаррук санасига етиб юрмоқликни тилаймиз. Саҳна ва экранларни жозибали образлар билан тўлдириб, ўзбек халқини ҳушнуд этишда завқингиз, аҳдингиз ва шаҳдингиз ҳамиша давомий баланд бўлсин. Фарзанд-у набиралар қуршовида хонадонингизни файзи-баракаси бўлиб юринг. Устоз, сиз кўп қисмли “Қундуз бобонинг қиссалари” анимацион фильми орқали жажжи томошабинларни ҳам қалбига кириб боргансиз. Демак, ўзбек болажонларининг эртакчи бобоси ҳам бўласиз. Шириндан-шакар невара-чевараларингизга ҳамиша эртакларингиз бисёр бўлсин!