Миллий театр директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатҳулла Масудов:

- Маданият масканлари доимо томошабинлар билан гавжум бўлиб келган. Театр ва томошабин алоқалари вақтинча тўхтатилганига оз эмас, кўп эмас, мана қарийб тўрт ой вақт бўлибди. Бу вақт мобайнида Миллий театр ижоддан, изланишдан тўхтагани йўқ. Ишчи ходимдан тортиб ижодкоргача бари меҳнатда. Фаррошдан тортиб раҳбаргача бари ўз масъуллигини адо этяпти. Ҳар бир иш жойида, ҳар бир ташкилотда тонг, кун тозалик ва покизалик билан бошланади. Фаррошларимиз навбатчилик асосида супир-сидир ишлари билан ер юзини очяптилар, арт-сурт ишлари билан ҳаммаёқни чинни-чироқ қилиб, кўнгилларни чароғон қиляптилар. Боғбонларимиз экин-тикинларни суғориб, парваришлаб атроф-муҳитни кўкаламзорлаштиришда ҳамиша меҳнатга шайдам. Тикувчилик цехида бўлажак ва қўйилажак спектаклларнинг саҳна либослари устида иш кетяпти. Рассомлик бўлими талай ижодий ишлар билан банд. Бутафор, реквизит, дурадгорлик цехларининг ишчи ходимлари ўз ишларини сидқидилдан бажаряптилар. Бухгалтерия, ходимлар бўлими ҳам жонли, ҳам онлайн равишда фаолиятдалар. Демоқчиман-ки, театр нафас оляпти. Анҳордаги сув бир текисда, маромида оқяпти. Маданий, маънавий-маърифий ҳаётдаги давлат тадбирларида санъаткорларимиз иштирок этмоқдалар. Телевидениедан бўлаётган ижодий таклифларни фаол равишда амалга ошириб келяпмиз.













Айни дамда “Уруш одамлари”, “Ўзгалар дарди”, “Ревизор” ижтимоий тармоқ телеграм группаларида онлайн репетиция ишлари жадал суратда кетяпти. Душанбадан ташқари ҳафтанинг олти кунида соат 10:00дан репетиция бошланиб, токи соат 13:00га қадар давом этмоқда. Мана шу учта группада кечаётган жараёнларни назоратга олганман. Соат 17:00да машғулотларнинг иккинчи босқичи бошланади. Ҳар бир актёр-иштирокчи ўз роли устида ижодий изланишда. Барчамизнинг қалбимизда саҳнага бўлган соғинч ҳисси сезилиб туради. Миллий театр саҳнадаги жўшқин ҳаётни, юз-кўзлари порлаб турган томошабинларни жуда соғинди. Кўринмас бу вирус балосини кучли ирода билан бирга енгиб ўтсак, яна маданият масканлари томошабинлар билан гавжум бўлишига ишонамиз ва мана шу кунларни сабр, соғинч билан кутиб қоламиз.