Муҳтарам Президентимиз илгари сурган ғоя 5 та ташаббус бўйича Юртимизда жуда кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Маънавият, маърифат ва маданият юксаклиги ўша халқ ва давлатнинг бойлигидир. Шу жумладан Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, “Исломобод”, “Тикланиш”, “Хасанбой”, “Катта Хасанбой”, “Шарқ ҳақиқати” маҳаллаларида истиқомат қилувчи кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва имконияти чекланган оилаларга маданият соҳасида янада ғамхўрлик қилиш ниятида Ўзбек Миллий Академик драма театри 11 март куни соат 11:00 да драматург Эркин Хушвақтовнинг “Кўнгил” комедиясини 540 нафар фуқарога бепул ва беғараз намойиш этишда амалий ёрдам кўрсатди. Спектакль намойишидан аввал театр директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатҳулла Масудов сўзга чиқиб, томошабинларни янгиланиш ва яшариш фасли бўлмиш баҳор ҳамда саноқли кунлар қолган наврўз байрами билан табриклади.
“Томошабинларга маънавий-руҳий озуқа улашишда, эстетик дидини шакллантиришда театрнинг ўрни беқиёс. Театр – маърифатхона, ибратхона. Агар биз санъаткорлар ижод маҳсулларимиз билан сиз томошабинларни кўнглини хушнуд этаётган бўлсак, саҳна асарларимиз билан зиё улашаётган бўлсак, зиммамиздаги вазифани уддалаётган бўламиз. Санъакор аҳли халқ хизматидаги инсон. Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши керак”, деди театр директори Фатҳулла Масудов.
Спектакль томошабинларга олам қувонч, кўтаринки кайфият ва кулги улашди.