Бугун соат 13:00 да Ўзбек Миллий академик драма театри ижодкорлари театрда фаолият юритаётган азиз ва мўътабар аёлларимиз ҳамда лобар опа-сингилларимизни “8 март Халқаро хотин-қизлар” куни муносабати билан самимий муборакбод этдилар.
Табрик сўзини театр директори Фатҳулла Масудов бошлаб берди:
Аёл, бу она, бу опа-сингил, суюкли рафиқа. Аёл табиатан нозик ҳилқат вакили. Биргина жуссасида дунё ташвишин ортган, қалби дарё, меҳри уммон аёлга биргина сўз билан таъриф бериш мушкул. Аёллар таърифини баён айлашга бетизгин сатрлар, беғубор мисралар, қўйин-ки, дунёдаги энг гўзал сўзлар ҳам ожиз бўлиши тайин. Ҳар бир Аёл меҳрга, муҳаббатга лойиқ. Салгина эътибор берилса кифоя. Аёл жамиятда раҳбар, оилада севимли она, турмуш ўртоғига суюкли ёр бўлиши керак. Бу вазифаларни бажариш учун аёлдан катта масъулият талаб этилади. Манашу масъулиятли ва шарафли йўлда аёлларимизга куч-қувват, улкан зафарлар тилайман. Байрамингиз муборак азиз аёллар!
Табрик сўзини Театр Арбоблар уюшмаси раиси Ёқуб Аҳмедов давом эттирди. Аёллар шаънига айтилган илиқ сўзлар, таърифу эътирофлардан сўнг, байрам совғаси улашилди.














