Ўзбек Миллий академик драма театрида 19 декабрь куни соат 13:00 да “Нуроний” жамғармасининг “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди. Бунда Тошкент вилоятидан – 150, Сирдарёдан – 105, Жиззахдан – 130, Тошкент шаҳридан – 100 нафар жамғарма ходимлари, уларнинг оила аъзолари ва фаоллари 60 та, жами 545 нафар киши иштирок этди. Тадбирни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, театр директори Фатҳулла Масудов очиб берди. “Нуронийларимиз бизнинг фахримиз, дуогўйимиз. Нафақат хонадонларимизнинг, балки халқимизнинг бойлиги улар. Юз-кўзларидан нур ёғилиб турувчи табаррукларимизни асраб-авайламоғимиз, дуосида бўлмоғимиз даркор. Кекса-нуроний бор хонадон файз-баракага тўла бўлади. Бежизга қариси бор уйнинг, париси бор демайди халқимиз. Нуронийларимиз бахтимизга соғ-омон бўлишсин”, деди Фатҳулла Масудов.
“Нуроний” жамғармасининг раиси Шуҳрат Джалилов табрик сўзидан сўнг, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони совринларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди. Биринчи даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан Ўзбекистон Халқ артистлари Ёдгор Саъдиев, Эркин Комилов, Малика Ибрагимова, иккинчи даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова тақдирландилар. Шунингдек, Шуҳрат Джалилов ўзбек театр санъатининг ривожига ўз муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган театр директори Фатҳулла Масудовнинг ташаббускорлик хизматларини эътироф этиб, “Ташаккурнома” билан тақдирлади. Тадбирдан сўнг театр жамоаси томошабинлар ҳукмига “Алишер Навоий” спектаклини намойиш этди.












