Ўзбек Миллий Академик драма театрида 12 ноябрь куни ўзбек адабиёти ва шеъриятида ўчмас из қолдирган Ҳамид Олимжоннинг 110 йиллик адабий-бадиий кечаси бўлиб ўтди. Тадбирда шоир, ёзувчи, адабиётшунос олимлар Ҳамид Олимжоннинг ижоддаги ўзига хос хислатлари, инсоний фазилатлари ҳақида нутқ сўзладилар. Ҳужжатли фильм намойиши бадиий таъсирчанлиги билан аҳамиятга молик бўлди. Ҳамид Олимжон шеъри билан ижро этилган “Хаёлимда бўлдинг узу-кун”, “Энг гуллаган ёшлик чоғимда”, “Ободим ёр” , “Куйгай”, “На бўлғай”, “Мени кутгин ва мен қайтарман” қўшиқлари томошабинларга эстетик завқ бағишлади. Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаби ўқувчилари томонидан айтилган шеърлардан буюк шоир ва адибнинг ижод намуналари меросга айлангани, асрлар оша авлодлар қалбида мангу яшамоғи яна бир карра маълум бўлди. Тадбир сўнгида Ҳамид Олимжоннинг оила аъзоларидан Лола Муҳиддинова сўзга чиқиб, тадбир ташкилотчиларига миннатдорлик билдирди. Тадбир томошабинларга маънавий озуқа улашди.




