Ғани Аъзамов 110 йиллигига бағишланган хотира кечаси
Ғани Аъзамов — машҳур ўзбек кино ва театр актёри. Ўзбекистон халқ артисти. Ҳамза номидаги театр актёри. 1909 йил 7 январь куни Тошкент шаҳрида туғилган.
Энг қизиғи, Ғани Аъзамов актёр бўлишидан аввал трамвай ҳайдовчиси бўлиб ишлаган. У ҳеч қачон Олий ўқув юртида ўқимаган. Катта саҳналарда кичик эпизодик роллар ижро этиб, у аста-секин сaнъат оламига кириб келган.
Ўзининг 60 йиллик ижодий фаолияти давомида Ғани Аъзамов буюк устозлар қўлида доимий равишда санъат сирларини ўрганиб келган. Ўз устида тинимсиз ишлаши ва ижодий изланишлари натижасида мукаммал образлар яратишга эришиб, томошабинларнинг меҳрига сазовор бўлиш баробарида, ўзбек театр санъатининг улкан намояндалари қаторидан мустаҳкам ўрин эгаллайди.
Ғани Аъзамов нафис, гўзал образлар яратиш билан бирга, қатъий образларни жумладан, “Алишер Навоий” спектаклида Иззат Султанов, Уйғун драмасидаги Мунажжима, С.Азимовнинг “Ҳақиқий севги” пьесасида Арслоншер, Абдулла Қаҳҳорнинг “Сўнгги намуна” пьесасида Юсуф, Николай Гоголнинг “Ревизор”ида Бобчинский, Вильям Шекспирнинг “Икки верониялик” комедиясида Лаунс кабиларни гавдалантирган. У ўйнаган роллари профессионал актёрлик маҳоратининг ажойиб намунаси ҳисобланади.
Ғани Аъзамов яратган Ойбекнинг “Қутлуғ қон” асаридаги Қамар, Сарвар Азимовнинг “Қонли сароб” асаридаги Омонёр, Эркин Воҳидвнинг “Олтин девор” комедиясидаги Мўмин сиймоларисиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Ғани Аъзамов ҳам юмористик, ҳам драматик, ҳам лирик ролларнинг иқтидорли ижрочиси. Шу ўринда, Ҳамзанинг «Бой ила хизматчи» асаридаги Домла, Имом образи унинг ижодида ёрқин саҳифа очди.
Ғани Аъзамов 1935 йилдан кинода ҳам суратга туша бошлади ва «Ўзбекфилм» киностудиясида дунёга келган қатор кинофилмларда эсда қоларли образлар яратди.
Актёр «Наштар» ҳажвий киножурнали ташкил этилгандан сўнг, узоқ йиллар давомида Хўжа Насриддин образини ижро этган. 1961 йил «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонига сазовор бўлган ва бир неча орден ва медаллар билан мукофотланган.
Манашундай буюк санъат дарғасининг 110 йиллиги муносабати билан Ўзбек Миллий академик драма театрида хотира кечаси бўлиб ўтди.
Ижодий кечага барча театр ижодкорлар, санъат аҳли, актёрнинг яқинлари иштирок этди. Бир-бирига ўхшамаган, таркорланмас сийёларни яратган устоз ҳақида илиқ хотиралар ёдга олинди. Ижодий ролларидан саҳна кўринишлари намойиш этилди.